ВАЗИР ЎРИНБОСАРИ Р.КАРИМЖОНОВ НАМАНГАНДА

Таълим истиқболи, ёш авлод камоли ва иқболи ҳамиша, ҳар қачон энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Бинобарин, таълимсиз истиқбол ва тараққиётга эришиб бўлмайди. Соҳадаги ислоҳотлар жойларда қай даражада ҳаётга татбиқ этилмоқда? Амалий жараёнлар қандай бормоқда? Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов раҳбарлигидаги вазирлик гуруҳи вакиллари соҳа ҳаёти ва фаолияти билан яқиндан танишиш, тизимга оид ютуқ ва камчиликларни ўрганиш мақсадида Наманганда бўлди. Дастлаб вилоят халқ таълими бошқармасида ишчи гуруҳи вакиллари иштирокида вилоят миқёсидаги таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими ходимларини жалб этган ҳолда "Zoom" дастури орқали Erp.maktab.uz электрон платформасига ўқувчи ва ўқитувчилар ҳақидаги маълумотларни жойлаш масаласида йиғилиш бўлиб ўтди. Вазир ўринбосари дастур тўлақонли фаолият бошлаганда ахборот алмашинувининг бир неча баробарга ортиши ва самарадорлиги хусусида сўз юритди. Бу борадаги таклиф ва мулоҳазалар тингланди. Шундан сўнг халқ таълими вазирлигининг "Замонавий мактабларни баҳолаш ва сертификатлаш" хизмати бошлиғи Сардор Раҳимбоев ҳудудлардаги мактаб директорлари билан суҳбатлашди.

Янги Наманган туманидаги 86- ахборот технологияларига ихтисослаштирилган умумтаълим мактабида бўлган вазирлик вакиллари ёзги таътилда ўғил-қизларнинг бўш вақтларини самарали ва мазмунли ташкил этиш хусусида кўрсатмалар берди.IT синфларининг таътил давомида мунтазам фаолият кўрсатишига алоҳида тўхталиб, ўқувчиларга янги дастурларни ўрганиш орқали янгича билимларга эга бўлишларига эътибор қаратилди.Қолаверса, янги ўқув йилида вилоятда фаолият кўрсатиши кўзда тутилган 13 та ахборот технологияларига ихтисослашган таълим масканларининг директорлари ва информатика фани ўқитувчилари билан суҳбатлашди. Информатика фани ўқитувчиларининг малакасини бисқичма-босқич ошириш бўйича кўрсатмалар берилди. Эндиликда AКТ мактабларида рақамли кутубхона ташкил этилиши, бу ўқувчиларга янада кўпроқ қулайлик яратиши таъкидланди.

Куннинг иккинчи ярмида шаҳар ва туманлар халқ таълими бўлими мудирлари иштирокида KPI тизимида олиб борилаётган ишлар самараси хусусида ҳисобот йиғилиши ўтказилди. Унда вазирликнинг стратегия бошқармаси бошлиғи Шерзод Муҳаммедов саволларга жавоб берди.

"Янги Ўзбекистон ёшлар зиё маскани" кутубхонасида таълим ва бошқа соҳаларда юқори натижаларга эришган 12 нафар ўғил-қизлар тақдирланди."Янги Ўзбекистон" лойиҳаси бўйича узоқ ҳудудда ишлаш истагини билдирган педагоглар билан суҳбат ўтказилиб, тушунчалар берилди.

Халқ таълими бошқармасида AКТ мутахассислари билан ўтказилган семинарда соҳага оид масалалар кўриб чиқилиб, умумтаълим масканларида информатика фани ўқитувчиларининг юқори даражада саводхонликка эга бўлишлари учун яратилаётган шароитларга тўхталиб ўтилди.

Халқ таълими вазирлигининг AКТ бўлими бошлиғи Сарвар Бутанов ўз тақдимотида AКТ саводхонлигини ошириш бўйича тушунчалар берди.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги инновация технология стратегия маркази бош мутахассиси Aмрилло Aбдусаломов иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.