“МЕНИНГ ПРЕЗИДЕНТИМ” ИЖОДИЙ ИШЛАР ТАНЛОВИ

Мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан умумтаълим мактабларининг 10 – 11-синф ўқувчилари ўртасида “Менинг Президентим” ижодий ишлар танловининг биринчи босқичи якунланмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган танлов муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилаётган янгиланишлар ва ислоҳотлар самараси, хусусан, таълим соҳаси равнақи, тизимнинг сифат ва самарадорлигини ошириш каби мезонларни ўқувчилар томонидан кенг талқин этиш, уларда юртимизда амалга оширилган ислоҳотларни теран идрок этиш ва мулоҳаза юритиш кўникмаларини, Ватанимиз тақдири, эртанги куни ва истиқболига дахлдорлик туйғусини ривожлантириш, уларда ижодий, танқидий, ностандарт фикрлаш, нотиқлик, мослашувчанлик, ўз фикрини ижодкорона етказиб бера олиш кўникмаларини шакллантириш мақсадларига қаратилгани билан аҳамиятли.


Наманган шаҳар халқ таълими бўлими ҳамда Ўзбекистон таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Наманган шаҳар кенгаши ижроия қўмитасининг қўшма қарорига асосан айни кунларда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улардаги миллий ғоя ва Ватанга садоқат туйғуларини янада юксалтиришни кўзда тутувчи танловнинг мактаблар босқичи бўлиб ўтмоқда.

Бугунги кунга қадар мавжуд 53 та умумтаълим мактабларида танловнинг мактаб босқичи юксак кўтаринкилик билан ўқувчиларнинг фаол иштирокида ўтди. Унда истеъдодлар юрт одимлари, янгиланишлар жараёни, Ватанга садоқат ва юртпарварлик туйғулари, мустақил диёр эртасига дахлдорлик, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар қамрови ва самарасини ўз ижодий ишларида намоён этдилар. 

Шаҳримиздаги 53 та умумтаълим мактабларида дастлабки босқич якунлангач, танловнинг иккинчи шаҳар босқичи 6-14 декабр кунлари бўлиб ўтади ҳамда унда муваффақият қозонган истеъдодлар 15 – 20 декабр кунлари танловнинг вилоят босқичида иштирок этадилар.