ИЛМ МАСКАНЛАРИДA “СЎНГГИ ҚЎНҒИРОҚ” ТAНТAНAЛAРИ

Илм-фан чўққилари сари интилаётган ўқувчи-ёшларнинг ютуқ ва марраларига қанот бағишлаб, бутун мамлакатимиз бўйлаб 2020 - 2021-ўқув йили якунланишига бағишланган сана катта тантаналар билан нишонланди.

Вилоятимиздаги барча умумтаълим масканларида ҳам “Сўнгги қўнғироқ” шодиёналари зўр кўтаринлик билан ўтказилди. Янги Наманган туманидаги 65-умумтаълим масканида бўлиб ўтган тадбирда иштирок этган вилоят ҳокими Шавкатжон Aбдураззоқов Давлатимиз раҳбарининг битирувчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Бугунги кунда республикамиздаги 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар қаторида вилоятимиздаги 711 та илм масканларида эртанги кун эгаларининг пухта билим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Якунига етаётган ўқув йилида вилоятимиздаги умумтаълим муассасаларини 36564 нафар битирувчи тамомламоқда. Қувонарлиси, уларнинг илм чўққилари сари шаҳду шижоат билан интилган 409 нафари муддатидан аввал хорижий давлатлардаги энг нуфузли олий таълим муассасалари талабалигигига қабул қилинди. Бу ёшлар камоли ва иқболига қаратилаётган юксак эътибор самараси бўлиб, истиқбол йўлидаги бундай одимлар янада изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, биргина 2021-йилнинг ўзида инвестиция дастури бўйича вилоятимизда 6 та янги мактаб бунёд этилмоқда. 13 та мактабда реконструкция ҳамда 6 та илм масканида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлса, Президентимизнинг Наманганга ташрифи чоғида белгилаб берилган устувор вазифалар асосида 3 та янги мактаб барпо этилмоқда. 7 та реконструкция, 2 та мукаммал таъмирлаш, қолаверса, “Обод маҳалла” дастури доирасида 5 та, “Обод қишлоқ” дастури бўйича 20 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишлари учун жами 306.4 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.

Бугун янги Наманган туманидаги 65-умумтаълим масканида жами 95 нафар битирувчи мустақил ҳаётга қадам қўймоқда. Таълим даргоҳининг 11-синф ўқувчиси Иномжон Муҳиддинов муддатидан аввал Россия давлатидаги нуфузли олийгоҳга талабаликка қабул қилинди. Илм-маърифат сари интилиши ҳамда зукколиги ва ташаббускорлиги билан намуна бўлган битирувчилар ва фидойи устозлар вилоят ҳокимининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. Тадбирдан сўнг вилоят ҳокимининг битирувчи ўқувчилар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Унда ўғил-қизлар ўзларининг истиқболдаги режалари, танлаган касблари, олий-таълим муассасалари хусусида ўртоқлашдилар. Ўқувчиларнинг мурожаатларидан келиб чиқиб, тадбиркорлик масалалари, ҳудудда спорт зали барпо этиш, олий таълимга тайёргарлик бўйича мутассадиларга вазифалар белгилаб берилди. Вилотдаги барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тантаналари ана шундай зўр кўтаринкилик билан ўтказилди.